17 июль куни Вазирлар Маҳкамаси «Рақамли телеузатишга ўтиш ва ер усти муқобил телеузатишни тўхтатиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 502-сонли қарорни қабул қилди.
Қарорга мувофиқ, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига «Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли телеузатиш тармоғини ривожлантириш» лойиҳаси доирасида:
республиканинг барча аҳоли яшаш пунктларини 90 комплект катта қувватли ва 404 комплект кичик қувватли рақамли телеузатиш передатчикларини бутун республика ҳудудида эксплуатация қилиш ҳисобига рақамли телеузатиш билан қоплашни;
аҳолининг рақамли телеузатиш хизматларига кенг уланиши, шу жумладан, республиканинг энг узоқ ва бориш қийин аҳоли яшаш пунктларигача чет эл сунъий йўлдош алоқаси оператори сунъий йўлдош сегменти ижараси воситасида умумий давлат телерадиодастурлари социал пакетларининг тарқатилишини таъминлаш топширилди.
«Ўзэлтехсаноат» АК корхоналарига 5 йил ичида 3 миллион дона телевизион приёмниклар ишлаб чиқариш белгиланди.
Ниҳоят, Ўзбекистон тижорий банкларига «Маҳалла» хайрия жамғармасини жалб қилган ҳолда аҳолига, айниқса аҳолининг эҳтиёжманд қисмлари ва нафақахўрларга рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун керакли ускуналар, жумладан, телевизорлар, приставкалар ва бошқаларни харид қилиш учун имтиёзли истеъмол кредитларини тақдим этишни кенгайтириш тавсия этилди.
Изоҳ (0)