Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудида ҳамда шаҳарнинг Алишер Навоий кўчасида фото ва видеокузатув камералари ўрнатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.
Кузатув камералари Чирчиқ шаҳрида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликларни аниқлаш ва турли жиноятларни фош этиш мақсадида ишга туширилди.
Алишер Навоий кўчасида ўрнатилган видеокузатув мосламалари автомобилни белгиланган тезликдан ошириш, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, тақиқловчи йўл чизиқларини босиб ўтиш каби қоидабузарликларни қайд этади. Шунингдек, мосламалар шубҳали шахсларни аниқлаш ва автомобиль олиб қочиш жиноятларини фош этишга имкон беради.
Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, мазкур кўчадаги битта чорраҳага ўрнатилган кузатув камералари синов режимида ишга туширилган бўлиб, айни вақтда юқорида кўрсатилган йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима ёзмайди.
Изоҳ (0)