АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Қатар ва унга қарши ўз талабларини илгари сурган тўрт араб мамлакатини муросага келиш учун музокаралар столига ўтириши зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Рекс Тиллерсоннинг сўзларига кўра, АҚШ унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари «бир мақсад, айнан — терроризмни йўқ қилиш ва экстремизмга қарши кураш йўлида биргаликда ҳаракат қилсагина кучли бўлишига ишонади».
Тиллерсоннинг алоҳида қайд этишича, Қатарга нисбатан оғзаки босимнинг пасайиши ҳам низоли ҳолатни бартараф этишга бир қадар ёрдам берган бўларди. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон низолашаётган араб мамлакатларининг ҳар бири билан алоқани сақлашда давом этади.
Айни вақтда, Рекс Тиллерсоннинг баёнотида Қатар унинг олдига қўйилган талабларни эътибор билан ўрганиб чиқишга киришгани маълум қилинган.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Қатар билан боғлиқ вазият туфайли араб мамлакатларини яраштириш мақсадида саммит чақириш ниятида экани ҳақида хабар берилган эди.
Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн ва БАА низоли вазиятни тугатиш мақсадида 13 талабдан иборат ҳужжатни Қатарга йўллаган. Кувайт мазкур жараёнда воситачи сифатида қатнашмоқда. Қатар раҳбарияти тўрт араб мамлакати томонидан қўйилган талабларни «нореал» деб атади.
Араб мамлакатлари ўртасидаги дипломатик низо 5 июнь тонгида бошланган. Қатар билан дипломатик алоқаларни биринчи бўлиб Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср ва БАА узган эди. Улар Қатарни терроризм ва террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашда айбламоқда.
Изоҳ (0)