Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий Қизил денгиздаги икки кимсасиз оролни Саудия Арабистонига топширишни назарда тутувчи битимни маъқуллади. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Тиран ва Санафир оролларининг Саудия Арабистонига топширилиши ўтган ҳафта Миср парламенти томонидан маъқулланган ҳамда мамлакат мустақиллиги тарафдори ҳисобланган мисрликларнинг норозилигига сабаб бўлган эди.
Бироқ президент ас-Сисий Саудия Арабистонини муҳим иттифоқчи сифатида кўрмоқда, деб ёзади Reuters агентлиги.
Саудия Арабистони ва Миср ўртасида ороллар борасидаги битим ўтган йили имзоланган эди. Қоҳира 1950 йилда қўлга киритилган Тиран ва Санафир оролларини Саудия Арабистонига тегишли, деб тан олган эди.
Миср Олий суди ҳудудларнинг Саудияга топширилиши лойиҳасини қатъий рад этиб, бунинг учун етарлича асос йўқлигини таъкидлаб келаётган эди. Бироқ 21 июнь куни Олий суд раҳбари битим юзасидан чиқарилган аввалги суд қарорлар ижросини тўхтатиб қўйди.
Изоҳ (0)