Эрон хавфсизлик хизмати мамлакатнинг диний зиёратгоҳларида бомбалар ва террорчи-худкушлар воситасида терактлар уюштиришни мақсад қилган ИШИДга алоқадор гуруҳ аъзоларини қўлга олди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Tasnim агентлиги маълумотларига кўра, қўлга олинган шахсларнинг ёнидан портловчи ускуналар, террорчи-худкушларнинг камарлари, учта «Калашников» автомати, пулемёт, тунда кўриш имконини берувчи кўзойнаклар, масофадан туриб портлатиш имконини берувчи учта телефон, кўплаб патронлар ва бошқа воситалар топилган.
Эроннинг Исломий инқилоб соқчилар корпуси 18 июнь куни Сурия шарқидаги террорчилар базасига ракета зарбаларини берганини маълум қилган эди.
7 июнь куни Теҳронда иккита теракт амалга оширилган эди: Эроннинг биринчи олий раҳбари, оятуллоҳ Ҳумайний мақбараси олдида террорчи-худкуш ўзини портлатиб юборган ва мамлакат парламентига қуролли ҳужум уюштирилган. Ушбу терактлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган эди.
Изоҳ (0)