Юзлаб немис маданият арбоблари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Германия канцлери Фридрих Мерцни Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.

6 август чоршанба кун ҳолатига Ғазо секторида ҲАМАС террорчилик гуруҳига қарши ҳарбий операцияси муносабати билан Исроилга босим ўтказиш талаби билан 367 нафар актёр, режиссёр, мусиқачи, продюсер, сценарий муаллифи, оператор ва бошқа маданият ҳамда ОАВ ходимлари очиқ хатга имзо қўйишган. Дастлаб, 200 дан ортиқ таниқли немислар томонидан имзоланган мурожаатнома 31 июль куни эълон қилинган эди.
“Биз, шунингдек, ҲАМАСнинг даҳшатли жиноятларини кескин қоралаймиз. Аммо ҳеч қандай жиноят миллионлаб бегуноҳ одамларни энг шафқатсиз тарзда жамоавий жазолашни оқламайди”, дейилади “Авааз” инсон ҳуқуқлари ташкилоти ташаббуси билан ёзилган мактубда.
Очиқ хатда Ғазо сектори аҳолиси, жумладан, болалар ҳалокатли аҳволда экани таъкидланган.
“Ғазо очликдан азоб чекаётган ва юз минглаб одамларни қабул қилиш учун лагерлар режалаштирилаётган бир пайтда Исроил ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлашни давом эттириш Германия давлат манфаатларига мутлақо зид”, дея ишонч билдирган мурожаат муаллифлари.
Уларнинг фикрича, Мерц “Исроилни йўналишни ўзгартиришга ишонтира оладиган кам сонли шахслардан бири”.
“Германия ҳукумати Исроилга қурол экспортини тўхтатишдан ташқари, Европа Иттифоқи ва Исроил ўртасидаги ассоциация битимини тўхтатишни қўллаб-қувватлаши ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳамда гуманитар ёрдамга тўсиқсиз йўл очишни қатъий талаб қилиши керак”, дейилади очиқ хатда.
Мурожаатни имзолаганлар орасида немис киноси юлдузи, актриса Сандра Хюллер, машҳур немис режиссёри Фотиҳ Акин ва “Олтин глобус”, Европа киноакадемияси мукофоти ҳамда “Сезар” мукофоти совриндори, исроиллик кинорежиссёр Ари Фолман бор.
Изоҳ (0)