Андижон шаҳрида фуқаро фарзанди вояга етгунча бўлган муддат учун алимент тўловини амалга оширди. Бу ҳақда 6 август куни Мажбурий ижро бюроси хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор А.А.дан ундирувчи О.М. фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.
Ижро ҳужжати МИБ Андижон шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушгач, давлат ижрочилари томонидан тегишли ҳаракатлар амалга оширилган.
“Қарздор фарзандини 18 ёшгача таъминлаш учун мўлжалланган алимент тўловларини олдиндан тўлаш истагини билдирди. Тарафлар ўртасидаги келишув асосида ундирувчи собиқ турмуш ўртоғидан 1,2 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги 10 йиллик алиментни олдиндан олганлигини маълум қилиб, бу ҳақда тилхат тақдим этди”, дейилади манбада.
Конституциянинг 77-моддасига биноан ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, тарбиялаши, таълим олишини таъминлаши зарур.
Аввалроқ Нукус шаҳрида ота фарзандининг 18 ёшига қадар тўлаши керак бўлган алиментини олдиндан қоплаб бергани хабар қилинганди. Жами 2,2 млрд сўмлик тўлов МИБ тарихида энг йирик алимент бўлган.
Изоҳ (0)