Хоразмда 100 дан ортиқ ишчиларга маошлари тўланмай келгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги хабар қилди.
Маълумотларга кўра, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан “WБМ Қўшкўпир Кластер” МЧЖ корхонаси фаолиятида меҳнат ҳуқуқлари бузилиши юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

Аниқланишича, ушбу корхонада жорий йилнинг шу даврига қадар 119 нафар ходимга иш ҳақлари тўланмай келган. Мазкур ходимларга 1 миллиард 310 миллион сўм миқдорида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 10 501 нафар ходимнинг 129 миллиард 769 миллион сўм ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ундириб берилганди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддасида иш ҳақи ўз вақтида тўланиши лозимлиги қатъий белгиланган. Агар иш ҳақи кечиктирилса, ходимга кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня, яъни фоиз ҳисобида қўшимча тўлов тўланиши шарт.
Изоҳ (0)