Очлик ва вайроналар остида кун кечираётган Ғазо аҳли энди сувсизлик ва ифлосланган сувларни ичиш орқали юқадиган касалликлар билан курашишга маҳкум бўлмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, ғазоликлар ичиш ва ювиниш учун зарур бўлган сувни вайронага айланган ҳудудлар бўйлаб ташиб келишмоқда. Бу оғир меҳнат уларнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Исроилнинг 22 ойлик ҳужуми оқибатида тўйиб овқатланмаётган Ғазо аҳли сувсизлик билан ҳам курашишга мажбур. Ҳудудда очарчилик муаммоси қанчалик жиддий бўлса, сув инқирози ҳам худди шунчалик хавфли.

“Ғазога сувнинг айрим қисми гуманитар ташкилотлар томонидан берилмоқда. Бироқ одамлар ичадиган сувнинг асосий манбаси кимёвий моддалар билан заҳарланган қудуқлар бўлиб қолмоқда. Бунинг ортидан диарея ва гепатит каби касалликлар кенг тарқалмоқда.
Оилаларнинг катталари озиқ-овқат ва хавфсиз бошпана қидириш билан банд. Сув олиб келиш учун эса ёш болалар ҳаракат қилиши керак. Болалар учун бир неча километр узоқдан сув тўла челакларни кўтариб келиш осон вазифа эмас.
Уруш бошланган даврда Исроил Ғазога сув ва электр таъминотини тўхтатган эди. Кейинчалик сув таъминоти қайта тикланган бўлса-да, қувурлар тармоғининг катта қисми катта зарар кўрган. Кўпгина сув ва санитария инфратузилмалари буткул вайрон бўлган. Қудуқлардан сув чиқариш учун ишлатиладиган насослар одатда кичик генераторлардан қувват олади. Бироқ бу генераторлар учун зарур бўлган ёқилғи деярли мавжуд эмас.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотига кўра, ҳар бир инсон учун кунлик минимал сув сарфи ичиш, овқат пишириш, тозалаш ва ювиниш учун 15 литрни ташкил этади. Исроилда эса аҳоли жон бошига 247 литр сув сарфланади. Ғазода эса ҳозирда ҳар бир инсон кунига атиги 3-5 литр сув истеъмол қилмоқда.
Сўнгги уч ой ичида сув орқали юқадиган, лекин даволаса бўладиган касалликлар 150 фоизга кўпайган. Исроил ҳукумати эса Ғазодаги 2,3 миллион аҳолига етарлича ёрдам кўрсатилаётганини иддао қилиб келади.
Бирлашган Араб Амирликлари Ғазода янги сув қувури лойиҳаси бунёд этишни режалаштирган. Қувур Мисрдаги шўр сувни тозаловчи иншоот орқали Ғазонинг жанубий ҳудудларида 600 минг кишига хизмат кўрсатади. Бироқ ушбу иншоотнинг ишга тушишига яна бир неча ҳафта вақт керак бўлади. Агарда ушбу қувур ишга тушадиган бўлса ҳам Ғазодаги сув билан боғлиқ муаммо тўлиқ ечилмаслиги мумкин”, дейилади мақолада.
Изоҳ (0)