Россия президенти Владимир Путин Оливер Стоун билан интервьюда Россия «ҳар қандай вазиятда» ҳам МРБнинг собиқ ходими Эдвард Сноуденни АҚШга топширмаслигини маълум қилди. Россия президентининг таъкидлашича, Сноуден Россияда ҳеч қандай қонунни бузмаган. Шунингдек, Путин Москва ва Вашингтон ўртасида экстрадиция шартномаси мавжуд эмаслигини эслатиб ўтди, деб хабар берди «Коммерсантъ».
Бундан ташқари, Владимир Путин Америка махсус хизматининг собиқ ходими Россия ва АҚШнинг сиёсий ўйинларида «қўғирчоқ» вазифасини бажаргани ҳақидаги хабарни хато, деб атади. «Менимча, сиз адашяпсиз. Агарда у сотқин бўлганида, қўғирчоқ бўлган бўлар эди. У эса сотқин эмас... У бир шахс, унинг ҳам шахсий позицияси бор ва у ўша позиция учун курашмоқда» — дея Россия президенти сўзларидан парча келтирди «РИА Новости».
Эслатиб ўтамиз, Эдвард Сноуден биринчи бор 2013 йилда PRISM оммавий кузатув дастури ҳақида хабар берган эди. У The Washington Post ва The Guardian журналистларига маълумотларни очган ва ўзининг хатти-ҳаракатларини «фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирадиган тизим»нинг бир қисми бўлишни истамагани билан изоҳлаган. Ҳозирда Сноуден Россияда вақтинча истиқомат қилмоқда. Оқ уй уни афв этишдан бош тортмоқда.
Изоҳ (0)