ШҲТнинг Остона саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси, мева-сабзавотлар, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар экспорт қилмоқда. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Ўзбекистон кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабел линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани Афғонистонда барқарор вазиятни тиклаш борасида Ўзбекистон амалга ошираётган ишлар Афғонистонда юксак баҳоланишини таъкидлади ва миннатдорлик изҳор этди. 2016 йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда ўтган мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этгани, саммит доирасида икки мамлакат раҳбарларининг учрашувида эришилган келишувларнинг амалга ошишидан манфаатдор эканини таъкидлади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)