Қатар ҳукумати мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотлари ва сув етказиб бериш борасида Эрон ва Туркия билан музокаралар олиб бормоқда. Қўшни араб давлатлари Қатарга қарши санкциялар жорий эта бошлаганидан сўнг мамлакатда озиқ-овқат ва сув муаммоси ўткирлашиши мумкинлиги боис бундай қадамлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради «РИА Новости».
Илгарироқ Эрон агромаҳсулот импорти уюшмаси раҳбари Ризо Нуроний мамлакат Қатарга барча турдаги маҳсулотларни экспорт қилишга тайёрлигини билдирган эди.
Айтилишича, маҳсулотлар Qatar Airways’нинг юк рейсларида ташилади.
Бундан ташқари, Эрон Қатарга ўз ҳаво ҳудудида парвозлар амалга оширишга рухсат берди.
Муқаддам қатор араб давлатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узди. Улар қаторига бошқа давлатлар қўшилиб бормоқда. Жумладан, Муқаддам Саудия Арабистони, Баҳрайн, Миср, БАА, Яман, Ливия ва Мальдив ороллари, Маврикий ва Комор ороллари Қатар билан дипломатик алоқаларини узган эди. Ўз навбатида, Қатар араб давлатларининг дипломатик алоқаларни узиш ҳақидаги қарорини ноўрин деб баҳолади. Қатарга қарши санкциялар жорий этилиш эҳтимоли мамлакат аҳолисини озиқ-овқат захираларини тўлдиришга мажбур қилмоқда.
Изоҳ (0)