Дунё бўйлаб ҳар куни айрим йўловчилар аэропортлардаги божхона назоратидан тонналаб тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини олиб ўтишга уринади. AdMe ушбу маҳсулотларни қандай тақдир кутаётганини маълум қилди.
Одатда, тақиқланган маҳсулотлар рўйхатида гўшт, пишлоқ, сут маҳсулотлари, балиқ, сабзавот ва мевалар, ҳатто ёнғоқларни ҳам кўриш мумкин. Мазкур қоида ҳар бир мамлакат томонидан ўрнатилиб, бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
Айрим мамлакатларда аэропортда олиб қўйилган маҳсулотлар ҳеч қандай қийматга эга бўлмаса, улар ёқиб юборилади. Бунинг учун махсус печлар мавжуд. Масалан, Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортида ўрнатилган печда санкция қўйилган пишлоқ турлари йўқ қилинади.
Европа иттифоқининг кўплаб мамлакатларида эса таом ва ичимлик контейнерлари тартибга келтирилиб, қайта ишлаш учун махсус марказларга жўнатилади.
Энг қизиқ тақдир бу мевалар, сабзавотлар ва толасиз маҳсулотларнинг майда бўлакларга бўлинишидир: айрим аэропорт терминалларида майдалаш машиналари ўрнатилган алоҳида хоналар мавжуд. Жумладан, Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди номидаги аэропортида шундай машиналар ўрнатилган бўлиб, ушбу аэропортнинг биргина терминалида ҳар куни 300 килограммга яқин мева ва сабзавот мусодара қилинади.
Тақиқланган маҳсулотларнинг божхона ходимлари ўртасида ўзаро бўлиб олинмаслиги ёки муҳтожларга тарқатилмаслигининг асосий сабаби уларда вирус, турли паразитлар, касалликка олиб келувчи моддалар, микроорганизм ёки ҳашаротлар бўлиши эҳтимолининг мавжудлигидир. Уларни лабораторияда таҳлил қилиш қимматга тушиши боис олиб қўйилган маҳсулотларни юқорида қайд этилган уч тақдирдан бири кутади.
Изоҳ (0)