Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «Танланган асарлар», унинг қорақалпоқ тилида нашр этилган «Руҳлар исёни» достони ва адабиётшунос Р. Иноғомовнинг «Шоирлик қисмати» китоблари нашр этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ушбу янги чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди. Унга адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, талабалар таклиф этилди.
Университет ректори А. Мараҳимов, Ўзбекистон халқ шоири А. Обиджон, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири Н. Жонузоқ ва бошқалар Эркин Воҳидовнинг ижодий мероси ёшларнинг маънавий оламини бойитиш, адабиётга қизиқишини уйғотиш ва уларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Эркин Воҳидовнинг «Танланган асарлар» китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг «Ижод» жамоат фонди томонидан нашрга тайёрланиб, «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компаниясида чоп этилди. Шоирнинг қорақалпоқ тилида нашр этилган «Руҳлар исёни» достонини Нукусдаги «Билим» ва адабиётшунос Р. Иноғомовнинг «Шоирлик қисмати» китобини «Машҳур-пресс» нашриётлари чиқарди.
Эркин Воҳидов ижодига бағишланган видеоролик намойиши ва шоир ижодидан ўқилган намуналар тадбирга янада файз киритди.
Изоҳ (0)