Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ва Curtin University (Австралия вакиллари) икки олийгоҳ ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш, жумладан, қўшма ўқув дастурлари ташкил этиш ҳамда физика соҳасида қўшма тадқиқотлар ўтказиш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Curtin University физика ва астрономия департаменти раҳбари Игорь Брей ва университет профессори Алишер Қодиров яқинда Инҳа университетига ташриф буюрди. Австралия олий ўқув юрти делегацияси Ўзбекистонга «Фундаментал ва амалий физика ривожининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» халқаро симпозиумида иштирок этиш мақсадида ташриф буюрган эди.
Учрашув чоғида IUT вакиллари олийгоҳнинг АКТ соҳасида бўлажак етакчиларни тайёрлаш фаолияти бўйича тақдимот ўтказди. Меҳмонлар талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар билан танишиб чиқди.
Ўз навбатида, Curtin University делегацияси ўз олийгоҳи фаолияти ҳамда академик дастурлар ҳақида маълумот тақдим этди.
Презентациялар чоғида томонлар қўшма ўқув дастурлари ҳамда юқори малакали кадрлар тайёрлашдаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб берадиган англашув меморандумини имзолашга келишиб олди.
Изоҳ (0)