2010 йилда Смоленск яқинидаги авиаҳалокатда қурбон бўлган Польша собиқ президенти Лех Качиньский ва рафиқаси Мариянинг жасади Краковда қабрдан ковлаб олинди (эксгумация қилинди), деб ёзади «Gazeta.pl».
Вавел қасридаги жасадларни ковлаб олиш саккиз соат давом этди. Эксгумацияда марҳум президентнинг қизи Марта Качиньская ва унинг эгизаги Ярослав Качиньский қатнашди.
Лех Качиньский ва рафиқасининг жасадларини эксгумация қилиш 2010 йилги авиаҳалокатнинг бошқа қурбонларига нисбатан 83 та бундай жараённинг биринчиси бўлди.
Жасадлар Ягеллон университетининг Collegium Medicum суд тиббиёти муассасасига етказилди.
Жасадларни ўрганиш учун тўрт кун вақт кетиши тахмин қилинмоқда, қайта дафн маросими эса 18 ноябрга белгиланган.
Польша бош прокурори ўринбосари Марек Пашчонек аввалроқ авиаҳалокат қурбонларини эксгумация қилишга тиббий ҳужжатларда аниқланган хатолик туфайли зарурат туғилганини айтган эди.
Тўпланган ҳужжатларни ўрганиб чиқадиган халқаро экспертлар гуруҳи эксгумациядан сўнг тўрт ой давомида ҳисобот тузиши керак.
Бортида Польша президенти Лех Качиньский ва мамлакат раҳбарияти вакиллари бўлган Ту-154 самолёти 2010 йил 10 апрелда Россиянинг Смоленск аэродромига қўниш чоғида қулаган. Саккиз нафар экипаж аъзоси ва 88 йўловчининг барчаси ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)