Президент Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Иордания подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн 25 август куни давлат ташрифи билан мамлакатга келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Самарқанд шаҳри аэропортида Иордания подшоҳини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олган.
Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортган.
“Миллий куй-қўшиқ ва рақслардан иборат тантанали маросим бўлиб ўтди. Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага режалаштирилган. Бугун давлат раҳбарлари биргаликда қадимий Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилади”, дейилади манбада.

Абдулла II 25—26 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Самарқандда ўтказиладиган олий даражадаги музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб боргани хабар қилинганди. Давлат раҳбари ташрифини Имом Бухорий мақбараси зиёратидан бошлаган.
Мақбара жойлашган зиёратгоҳ зиёратчиларга шароитларни кенгайтириш мақсадида улкан мажмуага айланирилмоқда. Зиёратгоҳ умумий майдони 44 гектар этиб кенгайтирилган. Мўтабар мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси қуриб битказилган. Мажмуанинг тўрт бурчагидаги 75 метрлик миноралар ўрнатилган.
Изоҳ (0)