Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари қатнашди, деб ёзади «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсий масалалар бўйича қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан иштирок этди. Брифинг чоғида унинг иштирокчилари мамлакатда бугунги кунда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда республика халқаро ҳамкорлигидаги устуворликларга доир батафсил маълумотлар билан яқиндан танишди.
Юқоридагилардан ташқари, мамлакатда жорий йилнинг 4 декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарликнинг бориши ҳамда 18—19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам брифинг қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди.
Pathfinder компанияси директори Майкл Томас ўз чиқишида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов улуғ етакчилик фазилатларига эга бўлгани туфайли 25 йил ичида гуллаб-яшнаётган давлатни барпо этишга эришилганини қайд этди.
Британия компанияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари мамлакатнинг ИҲТ раислигидаги устуворликлари рўйхатига киритилганини юқори баҳолади.
«Улар Ўзбекистонга ўхшаш демографик ва иқтисодий шароитларга эга бўлган кўпгина ривожланаётган давлатлар учун намуна сифатида хизмат қилади. Бағрикенглик ва уйғунликка эришишнинг воситаси сифатида Ўзбекистон таълим сиёсатидаги ўз қарашларини халқаро даражада илгари суришга ҳақлидир», — деди Халқаро таълим бўйича эксперт Дэвид Харди.
Бирлашган кучлар Қироллик институтининг хавфсизлик тадқиқотлари масалалари бўйича директори Рафаэлло Пантуччининг айтишича, минтақавий ва халқаро даражадаги турли масалалар юзасидан ИҲТга аъзо давлатларнинг нуқтаи назарлари бир хил бўлмаса-да, умумий хавф-хатарнинг мавжудлиги аёндир.
Британиялик экспертнинг фикр билдиришича, ИҲТ мамлакатлар ўртасида амалий жиҳатдан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ислом қоидаларининг тўғри талқин этилиши ва Ўрта аср Шарқининг буюк мутафаккирлари қолдирган маданий ва илмий меросни тарғиб этиш орқали бағрикенглик ғояларини тарқатишга йўналтирилган қўшма дастурларни ҳаётга татбиқ этиш учун жуда яхши минбар бўлишга қодир.
Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси, профессор Сидхарт Саксена қайд этганидек, Ўзбекистон томонидан таклиф этилган «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик йўли» шиори Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларни эзгу ғоя атрофида бирлаштириш ва амалий натижаларга эришиш учун ишонарли шарт-шароитларни яратади.
Шунингдек, британиялик олим исломнинг тараққийпарвар моҳиятини илгари суриш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини, Тошкент ислом университети таркибида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг (ISESCO) махсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига юқори баҳо берди.
Изоҳ (0)