Украинанинг «Антонов» давлат корхонаси ва Хитойнинг Aerospace Industry Corporation of China (AICC) компанияси Ан-225 дастури бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади, деб ёзади «Интерфакс».
«Томонлар узоқ муддатли ҳамкорлик ниятини билдирди, у биринчи босқичда ‘Антонов’ ДКда Ан-225 ‘Мрия’ самолётининг иккинчи модернизацияланган нусхасини қуришни ва уни AICC компаниясига етказиб беришни, шунингдек, иккинчи босқичда Хитойда ‘Антонов’ ДК лицензияси бўйича Ан-225 ни биргаликда серияли ишлаб чиқаришни кўзда тутади», — дейилади «Антонов» ДК хабарида.
Ҳар иккала босқич ҳам алоҳида шартномалар шартларига кўра амалга оширилади. Битим 30 август куни Пекинда имзоланган.
Дунёдаги энг катта самолёт — Ан-225 «Мрия» оғир транспорт самолёти 250 тонна юк кўтара олади. У 1988 йилда заводдан ва захирадаги аэродромлардан «Буран» космик кемасини, шунингдек, «Энергия» ракета блокларини «Бойқўнғир» космодромига олиб бориш учун яратилган эди.
Изоҳ (0)