Ишлаб чиқарилиши устида 15 йилдан буён иш олиб борилаётган кўп мақсадли бешинчи авлод F-35 қирувчи самолёти кейинги ҳафта жанговар қўллаш учун тайёр эканлиги эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда 29 июль, жума куни подполковник Стивен Андерсон маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
«Биз ҳамма босқичлардан ўтдик ва барча маълумотларни кўриб чиқиш учун Ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар операциялар қўмондонлиги раҳбари генерал Герберт Карлайлга тақдим этдик», — деди Андерсон.
Карлайл эса журналистларга интервьюсида F-35 ни тўлиқ жанговар машина деб тан олиш ҳақида эълон 1 августдан сўнг амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди. У ИШИДга қарши операцияларда қўлланиши мумкин.
Ушбу дастур учун бюджетдан 400 миллиард доллар сарфланган. Бу дастлаб режалаштирилган харажатлар миқдоридан анча кўпдир.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)