Тошкентнинг «Локомотив» клуби Ўзбекистон Кубоги чорак финали доирасида «Машъал»га қарши майдонга тушиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу билан «темирйўлчилар»нинг 35 ўйинлик мағлубиятсиз серияси ўз якунига етди.
«Championat.asia» хабарига кўра, «Локомотив» сўнгги бор 2015 йилнинг 12 сентябрь куни мағлуб бўлганди. Мамлакат Олий Лигасида «Пахтакор» меҳмони бўлган «Локомотив» ўша беллашувда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди.
Шундан кейин Тошкент клубининг «юриши» бошланди. Ўтган мавсумнинг сўнгги 9 турида ва Ўзбекистон Кубоги ярим финалининг жавоб учрашувида «Локомотив» мағлуб этилмади. 2016 йилги мавсумнинг 14 та турини ҳам «темирйўлчилар» мағлубиятсиз ўтказди.
Осиё Чемпионлар Лигасининг 2016 йилги мавсуми доирасида 8 та ўйин ўтказган «Локомотив», уларнинг ҳеч бирида бошини эгмади. Ўзбекистон Кубогидаги 3 та ўйиннинг барчасида зафар қучди.
Бу юришларнинг барчаси «Машъал»га қарши Ўзбекистон Кубогининг чорак финал жавоб ўйинида йўққа чиқди.
«Машъал»дан қабул қилиб олинган мағлубият «Локомотив»нинг Ўзбекистон Кубоги ярим финалига йўл олишига қаршилик қилмади. Боиси Тошкент клуби Муборакда кечган биринчи ўйинда 4:1 ҳисобида зафар қучганди.
Изоҳ (0)