Россия Транспорт вазирлиги 14 июль куни Москва ва Пхеньян ўртасида илк бор 27 июлдан бошлаб тўғридан тўғри парвозлар амалга оширилишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Nordwind Airlines авиакомпанияси ҳар ойда битта рейсни амалга оширади, парвоз вақти эса тахминан 8 соатни ташкил этади. Қарор “Росавиация” томонидан икки давлат ўртасида мунтазам авиақатновларни амалга ошириш маъқулланганидан сўнг қабул қилинган.
“Биринчи марта Россия ва КХДР пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри рейслар йўлга қўйилади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Ўтган ҳафта Шимолий Кореянинг шарқий соҳилидаги Вонсан шаҳрига ташриф буюрган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакатлар ўртасидаги денгиз транспорти йўналишларини тиклаш режалаштирилаётганини айтган.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг айтишича, Москва ва Пхеньян июнь ойида темирйўл қатновларини тиклаган эди. Эндиликда эса ҳаво алоқаларини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Апрель ойида Тумен дарёси орқали мамлакат чегараларини боғлайдиган кўприк қурилиши ҳам бошланганди.
Ҳозиргача икки мамлакат фақат Пхеньян ва Владивосток ўртасида тўғридан тўғри рейсларни амалга оширарди.
Изоҳ (0)