Мексиканинг Чьяпас штатидаги Сан-Мигел-Чамула ҳиндулар шаҳарчаси маъмурияти раҳбари Доминго Лопес Гонсалес 23 июль, шанба куни мэрияга молиявий ишлар бўйича норозилик билдириш учун келган намойишчилар томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
El Financiero’нинг маълумотларига кўра, намойишчилар мэрия биносига келганида Доминго Лопес Гонсалес учрашув ўтказаётган эди. Оломон шаҳар маъмуриятига ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш учун аввалроқ ажратилган 100 миллион песони (5,4 миллион доллар) уларга йўналтиришни талаб қилди.
Мэр соқчилари йиғилган намойишчиларни тарқатиб юборишга уринганида улар бунга жавобан қўлларига қурол олиб, ўқ узди. Натижада мэр ва яна бир киши ҳалок бўлди.
Шундан сўнг намойишчилар шаҳарга киришда тўсиқлар ўрнатиб, Чьяпас штати расмийларидан шаҳарга йўналтирилган маблағларнинг сарф қилиниш ҳисоботини талаб қилди. Аммо бироздан сўнг оломоннинг шашти тушиб, ҳамма уй-уйига тарқалди.
Воқеа жойида полиция ходимлари назоратни ўз қўлига олди. Маҳаллий ҳукумат расмийлари қотиллик юзасидан суриштирув ишларини бошлади.
Изоҳ (0)