Хитойда тезюрар магистраллар ишга тушгандан кейинги саккиз йил давомида тезюрар поездлар беш миллиарддан ортиқ йўловчини ташиди. Бу ҳақда Хитой темир йўл корпорацияси (China Railway Corporation, CRC) маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Фақат 2015 йил давомида ХХРда тезюрар поездлар ёрдамида 1,1 миллиард киши саёҳат қилган. Бу эса Хитой темир йўллари орқали йўловчи ташишнинг 45 фоизга яқинини ташкил этади. Хабарда таъкидланишича, ҳар куни мамлакатнинг тезюрар магистралларида 4,2 мингта поезд ҳаракатланиб, улар ёрдамида 4 миллиондан ортиқ сафар амалга оширилади.
ХХР тараққиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича давлат қўмитасининг маълум қилишича, Хитой ҳукумати 2025 йилга қадар тезюрар магистраллар масофасини икки баробарга оширишни режалаштирмоқда. Ҳозирги пайтда уларнинг узунлиги 19 минг километрни ташкил этади. Бу дунё бўйича шундай йўллар узунлигининг тахминан 60 фоизини ташкил этади.
Изоҳ (0)