Олимпиада ва Параолимпия ўйинлари вақтида Бразилиядаги дипломатик муассасалари хавфсизлигини таъминлаш масаласини янада кучайтиришни сўраб Франция Бразилия ҳукуматига мурожаат қилди.
Бу ҳақда Folha de São Paulo нашри ўзининг чоршанба кунги сонида маълумот берди, деб ёзди «ТАСС». Бунда гап Франциянинг Бразилиадаги элчихонаси, Рио-де-Жанейро, Сан-Паулу, Баия, Ресифи штатларидаги консуллик бюролари, дипломатлар фарзанди таҳсил оладиган олтита умумтаълим мактаби ҳамда 68 та француз тили марказлари ҳақида бормоқда.
Франция ҳукумати Олимпиада ва Параолимпия ўйинлари вақтида бу муассасалар террорчилик ҳужуми остида қолиши мумкинлигидан ўз хавотирини билдирган.
14 июль куни Франциянинг Ницца шаҳрида юк машинаси мамлакат миллий байрамини нишонлаётган минглаб кишилар устига бостириб бориши натижасида 84 нафар инсон оламдан кўз юмган, яна 200 нафардан ортиқ киши жароҳатланганди. Бу воқеадан кейин Бразилия мудофаа вазири Раул Жунгманн баёнот бериб, Олимпиада ўйинлари вақтида хавфсизлик чоралари янада кучайтирилишини маълум қилганди.
XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари 5 август куни старт олиб, 21 августга қадар давом этади. Бу Жанубий Америкада ташкил этилаётган биринчи олимпия ўйинларидир. Параолимпия ўйинлари эса 7—18 сентябрь саналарида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)