АҚШнинг Невада штатидаги Панака шаҳарчасида номаълум кимса турар жой яқинидаги автотураргоҳда қолдирилган машина ичида жойлаштирилган портловчи қурилмани портлатиб юборди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Портлатишни содир этган шахс машина ичида ўтирган ва у воқеа жойида ҳалок бўлди. Портлаш вақтида велосипедда ўтиб кетаётган 6 ёшли бола жароҳатланди. У шифохонага етказилди, унинг ҳаёти хавф остида эмас.
Номаълум кимса нима сабабдан портлашни амалга оширгани ва унинг шахси ҳозирча аниқланмади. «Ҳалок бўлган кимса бизнинг гумондоримиз ҳисобланади. Биз идентификация жараёнини ўтказиб, у нима учун бу ишга қўл урганини аниқлашга ҳаракат қиламиз», – деди Линколн округи шерифи Керри Ли.
Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг фикрига кўра, гап теракт ҳақида бормаяпти. Жиноятчи турар жойда истиқомат қилувчи аниқ бир оилага зарар етказмоқчи бўлган. Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)