Греция қутқарувчилари қидирув операцияси чоғида денгиздан Мисрнинг EgyptAir компаниясига тегишли A320 авиалайнери бортига оид қутқарув нимчалари топилганини маълум қилди. Бу ҳақда, Reuters агентлигига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Германиянинг ARD телеканали Греция расмийлари ушбу ахборотни тасдиқлаганини уқтирмоқда.
Илгарироқ очиқ денгиздан лайнерга оид деб тахмин қилинаётган иккита бўлак топилгани хабар қилинган эди.
Париждан Қоҳирага учаётган самолёт Греция ҳаво ҳудудига киргандан 20 дақиқа ўтиб, радарлардан ғойиб бўлди. MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бор эди. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.
«Маядин» телеканали, EgyptAir авиакомпаниясидаги манбасига таяниб, самолёт Ўрта Ер денгизига қулаганини билдирганди.
Миср фуқаролик авиацияси вазирлиги EgyptAir компаниясининг A320 самолёти ҳалокатга учраганини расман тасдиқлади.
Изоҳ (0)