Сурия Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Голан тепаликлари бўйича баёноти туфайли БМТ Хавфсизлик Кенгашига ҳамда халқаро ташкилот бош котиби Пан Ги Мунга мурожаат қилди. Бу ҳақда Сурия ҳукуматининг Женева музокараларидаги делегацияси раҳбари, мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Башар Жаъфарий Пан Ги Муннинг махсус вакили Стаффан де Мистура билан ўтказилган учрашув якунларига кўра баёнот берди.
«Биз Хавфсизлик Кенгашига ва БМТ бош котибига Нетаньяхунинг баёноти муносабати билан мактублар йўлладик», — унинг сўзларини келтиради «ТАСС».
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 апрель куни Исроил бош вазири Голан тепаликлари ҳамиша яҳудий давлати назорати остида қолишини таъкидлаб ўтди.
Голан тепаликлари — Исроил ва Сурия ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлиб, у 1967 йилдаги Олти кунлик уруш мобайнида расмий Тель-Авив томонидан эгалланганди. Унга қадар, 1944 йилдан бошлаб бу ерлар САРнинг ал-Қунайтра вилоятига кирар эди.
Изоҳ (0)