Марокаш Қироллигининг Марокаш шаҳрида теннис бўйича Grand Prix Hassan II турнирининг асосий тўр баҳслари давом этмоқда. Соврин жамғармаси 520 070 еврони ташкил этувчи ушбу мусобақада ўзбекистонлик Денис Истомин ҳам иштирок этяпти, деб хабар беради «Оламспорт».
Яккалик баҳслари дастлабки даврасида 29 ёшли Денис Истомин италиялик Лоренцо Жюстинога қарши кортга чиқди. Бир соату 46 дақиқа давом этган беллашувда Ўзбекистон вакили қийинчилик билан 7:6, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Таққослаш учун, Денис Истомин ATP рейтингида 72, Жюстино эса 257-ўринни эгаллаб турибди.
Қайд этиш жоиз, ўзбекистонлик теннисчи жуфтликлар баҳсида ҳам иштирок этмоқда. Ҳиндистонлик Роҳан Бопанна билан тандем ҳосил қилган Истомин илк даврада франциялик Фабрис Мартин ва австриялик Оливер Марак жуфтлигига қарши кортга чиқди. 59 дақиқа давом этган ушбу ўйинда Истомин/Бопанна дуэти 6:4, 6:2 ҳисобида зафар қучди.
Изоҳ (0)