Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Футбол бўйича Ўзбекистон ва Филиппин терма жамоалари ўртасидаги 24 март куни бўлиб ўтадиган беллашувни япониялик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. ЎФФ расмий сайтининг маълум қилишича, ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 саралаши доирасидаги учрашув Сато Рюжига ишониб топширилган.

Фото: Getty Images

Фото: Getty Images

World Referee статистикасига кўра, Сато Рюжи Ўзбекистон жамоалари иштирокидаги бешта беллашувда ишлаган. Эътиборли томони, уларнинг учтасида дуранг натижа қайд этилган.

Хусусан, ёшлар ўртасидаги 2014 йилги Осиё чемпионатида Сато Рюжи ҳакамлик қилган Ўзбекистон — БАА учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилган. ОЧЛ—2015 гуруҳ босқичи доирасидаги «Локомотив» (Ўзбекистон) — «Фулад» (Эрон) баҳсида ҳам Рюжи ҳакамлик қилган, ўйин 1:1 ҳисоби билан якунига етган.

Япониялик реферининг Ўзбекистон жамоалари иштирокидаги яна бир учрашуви 2015 йилнинг 27 март санасига тўғри келади. Ўшанда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихда биринчи бор Жанубий Корея билан сафарда дурангга эришганди. Тежонда ўтган ўртоқлик учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган.

2016 йил ҳисобидан Сато клубларимиз иштирокидаги яна иккита ўйинда ишлади. 24 февраль куни «Насаф» Саудия Арабистонида «Ал-Аҳли»дан 1:2 ҳисобида енгилган бўлса, 15 март куни «Локомотив» Эронда «Фулад Сепаҳон» устидан зафар қучди — 2:0.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Филиппин миллий терма жамоалари ўртасидаги саралаш учрашуви 24 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади. Учрашув Тошкент вақти билан соат 18:00 да бошланади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар