Сан-Паулу прокуратураси мол-мулкни яшириш ва нотўғри маълумот беришда гумон қилиб, 9 март, чоршанба куни Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силвага нисбатан айблов эълон қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Айбловлар собиқ давлат раҳбарининг рафиқаси Мария Летисия ва катта ўғли Фабиу Луисга нисбатан ҳам илгари сурилди. Гап Сан-Паулу штатининг Гуаружа курорт шаҳрида жойлашган ҳашаматли квартира ҳақида кетмоқда. Терговчилар Лула да Силва ва унинг оиласи ушбу кўчмас мулкка эгалик қилиши, бироқ буни декларацияда кўрсатиб ўтмаганини таъкидламоқда.
Шунингдек, прокуратура квартира собиқ президент алоқадорлиги истисно этилмаган маблағлардан ноқонуний фойдаланиш жараёнига тааллуқли бўлиши мумкинлигини гумон қилмоқда. Да Силва эса квартира билан аввал чиндан ҳам қизиққани, бироқ якунда уни харид қилишдан воз кечганини билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бразилиянинг собиқ президенти уйида Petrobras нефть компанияси иши доирасида тинтув ўтказилгани ва унинг ўзи полицияда сўроқ қилингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)