Январь охиридан бери олтин нархи 9,3 фоизга ошиб, унсияси учун 1220 долларга етди. Bloomberg агентлигининг билдиришича, бу 1979 йилдан бери февралдаги энг юқори ўсиш бўлди, дея хабар беради «РБК».
Агентлик экспертларининг фикрича, олтин инвесторлар учун наф келтириши жиҳатидан валюта, қимматли қоғозлар ва корпоратив облигацияларни ортда қолдирди. Масалан, дунёдаги энг тез ўсаётган валюта — япон иенаси шу вақт мобайнида 5,5 фоизга кўтарилган.
Асосий фаолияти олтин билан боғлиқ SPDR Gold Shareс йил бошидан бери 4,5 миллиард доллар жалб этган, бу эса АҚШ биржасида савдо қилувчи ETF-фондлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ваҳоланки, ўтган йил декабрида олтин охирги беш йил мобайнида энг паст даражада баҳоланаётган эди.
«Олтин бу йилги энг қизиқарли мавзу, — дея таъкидлаган USAA Precious Metals & Minerals фонди менежерларидан бири. — Ўтган йил ёзида уни ‘эскилик қолдиғи’ деб аташаётганди, энди бўлса тобора кўп сотиб олишмоқда».
Олтинга бўлган қизиқиш дунё иқтисодиётида инқироз аломатлари сезилаётган аснода ортиб бормоқда. Муаммолар АҚШни ҳам четлаб ўтмаслигидан хавфсираётган инвесторлар маблағини ишончли ҳимоялашни истамоқда.
Изоҳ (0)