Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 ноябрь куни Оқсаройда «Лукойл» нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувда В.Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган Қандим газни қайта ишлаш заводини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015—2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади. «Лукойл» компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғидаги инвестициявий лойиҳалар доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди.
Мулоқот чоғида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.