«Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида Сурхондарё вилоятида кенг кўламли ишлар амалга оширилди, деб хабар беради ЎзА.
– Ушбу дастур миллий қадриятларимизга мос анъаналарни кенг қарор топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир, – дейди вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Абдусалом Хўжақулов. – Дастур доирасида кексалар, айниқса, Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда эҳтиёжманд оилаларнинг қарияларига моддий ёрдам кўрсатилди. 660 га яқин кекса авлод вакили турли реабилитация техник воситалари билан таъминланди. 1850 га яқин ёлғиз пенсионер ва ногирон фуқароларга санаторийларга бепул йўлланма берилди. Беш юзга яқин Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийси санаторий-курортларда бепул даволаниб, соғлиғини мустаҳкамлади. Айни пайтда воҳада яна элликка яқин Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийсини санаторийларга жўнатишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Изоҳ (0)