Санкт-Петербург вице-губернатори Игорь Албиннинг маълум қилишича, шаҳарда Metrojet («Когалимавиа») авиакомпанияси самолёти ҳалокати қурбонлари хотираси учун мотам бир неча кун давом этади. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар бермоқда.
«Россия президенти 1 ноябрни Мотам куни деб эълон қилди. Биз чуқур қайғудамиз. Мамлакатимиз, Санкт-Петербург фуқаролари оилалари билан юз берган бу ҳодиса — ўрнини тўлдириб бўлмас катта йўқотишдир. Тушунарли сабабларга кўра, Санкт-Петербургдаги мотам тадбирлари бир неча кун давом этади. Бу ҳалок бўлганларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, дафн маросимларини, барча мотам тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Санкт-Петербург маъмурияти матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь, шанба куни Мисрда Metrojet («Когалимавиа») авиакомпаниясининг Шарм-аш-Шайхдан Санкт-Петербургга учаётган Airbus A321 лайнери ҳалокатга учради. Самолёт бортида бўлган 224 кишининг барчаси ҳалок бўлди. Авиаҳалокатга техник носозликлар сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)