Россиянинг Камчатка яримороли соҳилида 8,7 балли зилзила содир бўлди. Оролнинг шарқий соҳилига 3–4 метр баландликдаги цунами тўлқинлари урилди. Бу ҳақда АҚШ Геологик хизматига таяниб BBC хабар берди.

Россия Фанлар академияси Геофизика хизматига кўра, зилзила маркази Петропавловск-Камчацкий шаҳридан 136 километр шарқда, 18 километр чуқурликда қайд этилган. Зилзила сабаб Тинч океанининг шимолий қирғоқлари — Калифорниягача бўлган ҳудудларда баландлиги 3 метргача етиши мумкин бўлган цунамилар кузатилиши прогноз қилинмоқда.
Япониянинг Ҳоккайдо оролидаги шаҳарларидан бирига 30 сантиметр баландликдаги дастлабки тўлқинлар етиб келгани маълум қилинган. Япония метеорология агентлиги кейинги тўлқинлар ундан ҳам баландроқ бўлишидан огоҳлантирган. Токио ва Осака шаҳарларида ҳам 1 метргача бўлган тўлқинлар хавфи сабабли огоҳлантириш эълон қилинган.
Япония бош вазири Шигеру Ишиба қисқа мурожаат билан чиқиб, хавфли ҳудудлардаги аҳолини зудлик билан эвакуация қилишга чақирган.
“Фуқароларга зарар етмаслиги учун бор кучимизни ишга соламиз”, деди у.
АҚШ ҳукумати Аляска ва Гавайи оролларида ҳам цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш берган. Бундан ташқари, Гуам ороли ҳамда Микронезиянинг бошқа ороллари ҳам катта хавф остида бўлиши мумкин.
Дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Бироқ Камчатка соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Олег Мелниковнинг маълум қилишича, бир нечта фуқаролар эвакуация вақтида жароҳат олган.
“Деразадан сакраган бемор ҳам бор. Янги аэропорт биносида бўлган бир аёл ҳам тан жароҳати олган. Ҳамма беморларнинг аҳволи қониқарли”, деган Мелников
Камчатка ўлкаси губернатори Владимир Солодов фуқароларга қирғоқ ҳудудларидан йироқ бўлишни, оммавий ахборот воситалари ва овоз кучайтиргичлар орқали эълон қилинаётган огоҳлантиришларга амал қилишни тавсия қилмоқда.
Изоҳ (0)