Украина президенти Владимир Зеленский 29 июль куни 60 ёшдан ошган фуқароларга ҳарбий ҳолат даврида армияга ихтиёрий тарзда қўшилишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Тҳе Kyiv Independent хабар берди.

Янги қонунга кўра, катта ёшли кўнгиллилар жанговар бўлмаган ҳамда ихтисослаштирилган лавозимларда хизмат қилишлари мумкин бўлади. Бу Россия билан давом этаётган уруш фонида ҳарбийлар етишмовчилигига дуч келаётган Украина армияси учун катта имконият яратади.
Эндиликда 60 ёшдан ошган шахслар ҳарбий тиббий комиссиядан ўтиб, ҳарбий бўлинма командири рухсатини олса, бир йиллик ҳарбий хизмат шартномасини имзолаши мумкин бўлади. Зобит бўлишни истаганлар эса Бош штаб ёки бошқа тегишли ҳарбий тузилмалар томонидан ҳам тасдиқланиши талаб этилади.
Ёлланган ҳарбийлар икки ойлик синов муддатидан ўтади. Агар бу давр мобайнида улар хизматга яроқсиз деб топилса, шартнома муддатидан олдин бекор қилинади. Қонунда хизмат учун максимал ёш чегараси белгиланмаган, бироқ ҳарбий ҳолат тугаганидан сўнг барча шартномалар автоматик тарзда бекор қилинади. Илгари сурилган янги қонун техник, логистика ва ёрдамчи хизматларда тажрибали мутахассислар етишмовчилигини бартараф этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
2024 йил охирида Донецк вилоятида Россия ҳужумлари кучайган бир пайтда Украина жиддий аскар танқислиги муаммосига дуч келганди. Шундан сўнг, ҳукумат бу инқирозни юмшатиш мақсадида сафарбарлик қамровини кенгайтириш ва кўнгиллилар учун қўшимча рағбатлар жорий этишга киришган.
Маълумот учун, Украинада 2024 йил апрель ойида армияга чақирув ёши 27 дан 25 ёшга туширилган эди. 2025 йил февралидан бошлаб эса 18–24 ёш оралиғидаги кўнгиллилар учун бир йиллик ҳарбий шартномалар жорий қилиниб, молиявий бонуслар таклиф этилган.
Изоҳ (0)