Россиянинг Приморье ўлкасида томсклик ўқувчи қиз селфига тушишга уринган вақтда 30 метрлик қоядан қулади. Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ҳодиса 24 август, душанба куни Хасан туманида юз берган.
Ўқувчи қиз Томскдан 24 бола ва уч ўқитувчидан иборат гуруҳ таркибида Приморье ўлкасига табиатшунослик экскурсиясида қатнашиш учун келганди. Гуруҳ Япон денгизи соҳилидаги Гамова яриморолидаги кемпингга жойлашган.
«Кечга бориб ўқувчилардан бири ажойиб табиат манзараси олдида эътиборга молик сурат олмоқчи бўлган, бироқ мувозанатни йўқотиб, 30 метр баландликдан тошлар устига қулаган», — деди Томск маъмурияти матбуот хизмати вакили «Российская газета»га.
Чақирув бўйича етиб келган тез тиббий ёрдам гуруҳи ҳам ўқувчига ёрдам бера олмади — 15 ёшли қиз ҳодиса жойида вафот этди. Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан тергов органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Россияда қайд этилган селфига тушиш билан боғлиқ бир қатор бахтсиз ҳодисалардан сўнг, мамлакат Ички ишлар вазирлиги 2015 йил июнида ҳаёт ва саломатликни хавф остига қўймасдан селфига тушиш ҳақида маълумот берувчи эслатмани тайёрлаганди.
Изоҳ (0)