Японияда май ойи охиридан 23 августга қадар жазирамадан 52 минг киши жабр кўрди. «РИА Новости» хабарига кўра, бу 2014 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 14 минг нафарга кўп.
Тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини ҳам мувофиқлаштирувчи Япония ёнғин хавфсизлиги бошқармаси маълумотларига кўра, 17—23 август кунлари давомида Японияда жазирама сабаб уч киши вафот этган, 2 минг 294 киши касалхонага ётқизилган.
36 кишининг аҳволи оғир — улар камида уч ҳафта касалхонада ётиб даволаниши зарур. Яна 703 киши эса бир неча кун давомида касалхонада шифокорлар назорати остида қолиши керак бўлади. Жабрланувчиларнинг қарийб ярми (43 фоизи) 65 ёшдан ошган кексалардир.
Айни вақтда, ҳаво ҳароратининг аста-секин пасайиб бораётгани муносабати билан, жазирамадан жабрланувчилар сони ҳам камаймоқда. Хусусан, бундан аввалги ҳафтада иссиқ урган японияликлар сони 4 минг 117 нафарни ташкил этганди.
Изоҳ (0)