Греция молия вазири Янис Варуфакис Европанинг Афинага нисбатан ҳаракатларини «террорчилик» деб баҳолади. Бу ҳақда у El Mundo газетасига айтиб ўтган, дея хабар бермоқда «Nur.kz» Reuters’га таяниб.
«Нега улар банкларни ёпишимизга мажбур қиляпти? Одамларни чўчитиш учун. Агар қўрқитиш кенг ёйилса, буни террорчилик дейишади», — деган молия вазири.
У шунингдек, ЕИ ва Греция 5 июль референдуми якунларига қарамай, келишиб олиши кераклигини таъкидлаган. «Агар Греция инқирозга учраса, триллион евро йўқотилади. Бу жуда катта маблағ ва мен Европа бунга йўл қўяди деб ўймайман», — дея изоҳ берган Варуфакис.
30 июнда Афинага халқаро кредиторлар учлиги (ХВЖ, Еврокомиссия ва ЕМБ) ёрдами дастури тўхтатилди. Оқибатда Грецияда банклар иши тўхтади ва бир киши кунига 60 евродан ортиқ маблағни нақдлаштириб ололмаслиги юзасидан чеклов жорий этилди.
Грециянинг қарзи 300 миллиард евродан ошиқ. ХВЖ баҳосига кўра, вазиятни изга тушириш учун мамлакатга кейинги уч йилда 52 миллиард евро ажратилиши, шунингдек, ташқи қарзнинг бир қисмидан воз кечилиши керак.
Изоҳ (0)