2015 йил 10—12 июнь кунлари MEDEF International — Франция Корхоналари ҳаракати делегацияси ташриф билан Тошкентда бўлиб турибди. Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, миссия таркибига Франциянинг авиация саноати, банк, мудофаа ва хавфсизлик, энергетика, атроф-муҳит, инфратузилма, соғлиқни сақлаш, телекоммуникация ва транспорт соҳаларидаги 20 та компанияси вакиллари ҳам кирган.
MEDEF International бош директори Филипп Готье бошчилигидаги делегациянинг уч кунлик ташрифи ҳаракатнинг «Франция—Ўзбекистон» корхоналари раҳбарлари кенгаши тадбирлари доирасида ташкиллаштирилган. 2014 йилда Кенгаш Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Жак-Анри Эльс, Ўзбекистон ТИАИСВ Элёр Ғаниев ва Ўзбекистон ТИВ Абдулазиз Камилов ташрифлари муносабати билан Парижда уч марта йиғилган.
Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси билан яқин ҳамкорликда ташкил этилган ташриф дастури француз компаниялари вакилларига Ўзбекистон ҳукумати ва тегишли давлат қўмиталари билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш, Ўзбекистоннинг йирик миллий компаниялари, шунингдек мамлакатдаги халқаро молиявий институтлар билан учрашувлар ўтказиш имконини беради.
Бундан ташқари, делегация Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси номидан уюштириладиган қабул ва Ўзбекистон томони номидан уюштириладиган расмий кечки овқатда ҳам иштирок этади, бу эса компанияларга ташриф давомида бошланган алмашувларни давом эттириш ва Ўзбекистон ишбилармон доиралари вакиллари билан янги алоқалар ўрнатишда ёрдам беради.
Изоҳ (0)