Жанубий Кореяда MERS коронавируси тарқалиши ва эпидемия бошланиши хавфи туфайли 200 дан ортиқ ўқув муассасаси ёпилди, дея хабар бермоқда «Informing.ru».
Жанубий Корея соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Квон Чжин сўзларига кўра, мамлакатда MERS коронавируси тарқалиши билан боғлиқ вазият кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. 2 июнь куни у билан касалланганлар сони 25 кишини ташкил қилган бўлса, 3 июнь куни кундузгача уларнинг сони 30 дан ошди. MERS’дан икки киши вафот этди, яна уч киши беқарор аҳволда ётибди.
Касалланганлар сони ўсиб бораётгани ва илк қурбонлар пайдо бўлганини ҳисобга олиб, мутахассислар тахмин қилишича, MERS мутация жараёнини бошдан кечирган ва энди одамлар орасида тез тарқалади.
Мамлакатда эпидемия юзага келиши хавфи туфайли кўплаб ўқув муассасаларида режадан ташқари таътил эълон қилинди. Пойтахтдаги касаллик юқишининг асосий ўчоқлари жойлашган Кенги провинциясида 230 та болалар боғчаси, мактаб ва ОТМлар ёпилгани эълон қилинди.
Изоҳ (0)