Англиянинг «Ливерпуль» футбол клуби сардори Стивен Жеррард 16 май, шанба куни «Кристал Пэлас»га қарши 90 дақиқа ўйнаб, «Энфилд Роуд»даги ўзининг сўнгги ўйинини ўтказди, дея хабар бермоқда Корреспондент.net.
1:2 ҳисобида «Ливерпуль»нинг мағлубияти билан якунига етган ўйиндан сўнг Стивен Жеррард мерсисайдликларнинг ишқибозлари билан хайрлашди.
«Мен жуда ғалати ҳиссиётларни бошдан ўтказяпман. Шу кун келишидан жуда қўрққандим, ичим худди бўшаб қолгандек, чунки энди сизнинг қаршингизда тўп сура олмайман», - деди Жеррард.
«Клуб ишончли қўлларда, бизнинг ажойиб раҳбарларимиз ва аъло даражадаги мураббийимиз бор. Жамоа ақлбовар қилмас салоҳиятга эга. Жамоа яқин вақт ичида янги ўйинчиларни сотиб олади, деб ўйлайман. Клубга келажакда фақат омад тилайман», - деди у.
«Сўнгги 17 йил давомида мен билан бирга ишлаган клубнинг барча ходимларига, хусусан, «Ливерпуль» сафида ўйнаган собиқ ўйинчиларга ҳам миннатдорчилик билдираман. Энг катта ташаккурларимни эса ишқибозларга айтишни истардим – мен жаҳоннинг кўплаб майдонларида тўп сурдим, лекин сиз ҳаммасидан ҳам яхшисиз», - дея қўшимча қилди Стивен Жеррард ўзининг хайрлашув нутқида.
Изоҳ (0)