Хитой ҳукумати Жанубий Хитой денгизидаги кескинликни юмшатиш борасида иш олиб бориши керак. Бу ҳақда, ТАССнинг хабар беришича, АҚШ давлат котиби Жон Керри Хитой ташқи ишлар вазири Ван I билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
«Хитой ҳукумати Жанубий Хитой денгизидаги кескинликни камайтириш бўйича чоралар кўриши керак», - деди у. Керри шунингдек Хитойнинг минтақадаги оролларни ўзлаштириш тезлиги ва кўлами борасида ҳам хавотирларини билдирди.
Аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги The Wall Street Journal газетасида Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Спратли оролларидан Хитойни сиқиб чиқариш учун АҚШ самолётлари ва кемаларидан фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида ахборот пайдо бўлгани юзасидан хавотирларини билдирганди.
«Биз тегишли мамлакатларни таваккалчиликка асосланган ва иғвогарона ҳаракатларни амалга оширмасликка, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун амалий чоралар кўришга чақиради», - деди Хитой ТИВ вакили Хуа Чунин 13 май куни.
Хитой бир неча ўн йиллардан бери Жанубий Хитой денгизидаги бир қатор оролларни Вьетнам, Бруней, Малайзия, Филиппин каби мамлакатлар билан талашиб келади. 2013 йил охиридан бери расмий Пекин ушбу оролларни ўзлаштириш мақсадида бу ерларда кенг миқёсли қурилиш ишларини олиб бормоқда.
Изоҳ (0)