Шимолий ва Жанубий Корея вакиллари Москвадаги Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган парадда қисқа суҳбат ўтказди, деб хабар қилади «РИА Новости».
Москвадаги маросимда КХДР номидан Олий халқ кенгаши президиуми раиси Ким Ён Нам, Жанубий Кореядан эса президентнинг махсус вакили Юн Сан Хён иштирок этди.
«Ғалаба парадидан сўнг менда Ким [Ён Нам] билан бир неча масалалар юзасидан гаплашиб олиш имконияти туғилди. Мен икки Корея ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришни Жанубий Корея ҳукумати чин дилдан истаётганини тушунтирдим. Ким [Ён Нам] иккала Корея тинчликка эришиш ва келишмовчиликларни бартараф этиш йўлини қидириши кераклигини таъкидлади», — деб Юн Сан Хённинг сўзларини келтиради «Ёнхап» агентлиги.
Москвага учиб келишдан олдин жанубий кореялик дипломат маросимлар вақтида шимоллик қўшнилари билан учрашиш нияти йўқлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)