Кеча, 27 апрель куни Ўзбекистон миллий чемпионатининг 6-турида «Локомотив» жамоаси ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди, деб хабар беради «Uff.uz».
Ўзига хос «Тошкент дербиси» мақомидаги мазкур ўйин кўпчилик мухлисларни қизиқтиргани табиий. Бироқ Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг «Спорт» телеканали мазкур учрашувни жонли эфирда намойиш қилмади.
Номаълум сабабларга кўра, мазкур ўйин фақатгина кечқурун соат 21:55 дан бошлаб ёзиб олинган ҳолда эфирга узатилди. Бу ҳолатга кўпчилик мухлислар қатори Ўзбекистон терма жамоаси сардори Сервер Жепаров ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.
«‘Локомотив’ ва ‘Пахтакор’ ўртасидаги ўйинни жонли эфирда томоша қилмоқчи эдим. Яқинда терма жамоа йиғинлари бошланади, Жаҳон чемпионати саралашида қатнашамиз. Бу клуб таркибида термага номзод кўплаб футболчилар тўп суради. Афсуски, ‘Спорт’ каналимиз бунинг ўрнига Германия чемпионати учрашувини намойиш этди. Ҳисобга қараганда, ўйин қизиқарли кечгани аниқ», - деб ёзади Жепаров ўзининг твиттердаги саҳифасида.
Изоҳ (0)