«Uff.uz сайти» томонидан ўтказилаётган «Ой Юлдузи» лойиҳасида март ойи учун сўровнома якунланди. Унга кўра «Олмалиқ» бош мураббийи Игорь Шквирин ва «Насаф» ярим ҳимоячиси Артур Геворкян ғолиб деб топилди, деб хабар беради «Uff.uz».
«Ой Юлдузи» лойиҳасида умумий ҳисобда 6000 га яқин мухлис иштирок этди. Сўровнома якунига кўра, «Насаф» ярим ҳимоячиси Артур Геворкян 60,1 фоиз овоз тўплади. Унинг энг яқин таъқибчиси Баҳриддин Ваҳобов 15,6 фоиз овоз билан иккинчи ўринда қолган бўлса, 11,6 фоиз овоз тўплаган Воҳид Шодиев учинчи ўринни банд этди.
Мураббийлар учун ўтказилган сўровномада Игорь Шквиринни 40,6 фоиз мухлис қўллаб чиқди. «Машъал» бош мураббийи Александр Хомяков 18 фоиз, «Бунёдкор» устози Сергей Лушан эса 9,3 фоиз овоз тўплади.
Шу тариқа, «Олмалиқ» бош мураббийи Игорь Шквирин ва «Насаф» ярим ҳимоячиси Артур Геворкян «Ой Юлдузи» номинациясида ғолиб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, апрель учун «Ой Юлдузи» сўровномасида овоз бериш 1 май санасида бошланади. Ушбу лойиҳада иштирок этиш учун «Uff.uz» сайти асосий саҳифасидаги «Сўровнома» бўлимига ташриф буюриш лозим.