Шахмат бўйича клублар ўртасидаги Германия чемпионатида ҳамюртимиз Рустам Қосимжонов ўйнаётган OSG Baden-Baden клуби чемпионга айланди, деб ёзади «Olamsport.com». Schachbundesliga 2014/2015 чемпионатида собиқ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов бирорта марта ҳам мағлубиятга учрамади.
Ҳамюртимиз ўзи ўйнаган партияларда 5 та ғалаба ва 2 та дурангга эришди. Бу билан у 86 фоиз натижа қайд этди. Иккинчи ўринни GM Рустем Даутов (Германия, 2604, 83%) эгаллаган бўлса, кейинги ўринларни GM Алексей Широв (Латвия, 2691, 80%) GM Аркадий Найдич (Германия, 2710, 80%) банд этишди.
Қосимжоновнинг Baden Baden клуби сўнгги турларда Hamburg (14-тур) жамоасини 8:0, Rostock (15-тур) клубини 7:1 ҳисобида енгди. 29 очко жамғарган «Баден» клублар ўртасида Германия чемпионига айланди. Werder Bremen клуби 26 очко билан кумуш медалга эга чиққан бўлса, кучли учликка 21 очко билан SV 1930 Hockenheim жамоаси якун ясади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, шахмат бўйича Германия Олий лигасида 16 та жамоа иштирок этади. Жамоалар айлана тизимда 15 та турда ўзаро муносабатларига ойдинлик киритиб олишади. Ҳар бир ўйин 8 та тахтада ўтказилади.
Изоҳ (0)