Буюк Британиянинг Daily Mail нашрида 135 ёшида вафот этган қорақалпоғистонлик онахон Тўти Юсупова сайёрамизнинг энг кекса инсони бўлгани ёки бўлмагани масаласи ёритилди.
Нашрнинг ёзишича, Тўти Юсупованинг яқинлари унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва паспорти 1880 йил 1 июлда туғилганига далил бўлишини айтмоқда. Улар Гиннеснинг рекордлар китоби ушбу кўрсаткични қайд этишини истамоқда. Ҳозирда рекордлар китобида ушбу натижа 1997 йилда 122 ёшида вафот этган франциялик Жанна Калманга тегишли деб ёзилган.
Тўти Юсупованинг таъзия маросимида қатнашган Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раҳбари Баҳодир Янгибоев 30 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ўзбекистонда 8700 дан кўпроқ 100 ёшдан ошган кексалар борлиги дунёдаги энг соғлом жойлардан эканлигига далолатлигини таъкидлаб, Тўти Юсупованинг ёши тўғрисидаги маълумот Гиннеснинг рекордлар китоби расмийларига топширилиши лозимлигини маълум қилган.
Нашр 135 ёшли онахон яқиндагина «Тўти Юсупова − уч аср гувоҳи» номли ҳужжатли фильм қаҳрамони бўлганини ҳам қайд этган. Фильмда Тўти момо узоқ умрнинг сири ҳалол яшашда эканлигини таъкидлаган эди.
Изоҳ (0)