Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига ўтиш учрашуви доирасидаги «Бунёдкор» ва «Ал-Жазира» жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди, деб хабар беради «Uff.uz».
Ўйин «қалдирғочлар»нинг фаол ҳужумлари билан бошланди. Айтиш керакки, таркибида бир қатор номдор футболчиларга эга амирлик клуби ўйиннинг бошларида у қадар босим уюштиргани йўқ. «Ал-Жазира»нинг энг машҳур легионери Мирко Вучинич ушбу ўйинда иштирок этмаганини ҳам таъкидлаб ўтиш керак.
Дастлабки гол ўйиннинг 23-дақиқасига тўғри келди. Кетма-кет учта бурчак тўпидан кейин «Бунёдкор» ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Сардор Рашидов томонидан ошириб берилган тўпни Воҳид Шодиев дарвозага аниқ йўллади.
Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқалари Ўзбекистон учун омадсиз келди. Ўйинни бошқариб борган Али Ризо Фағоний «Ал-Жазира» футболчисига нисбатан «Бунёдкор» жарима майдончаси ичида қўполлик ишлатган деб топди. 11 метрли нуқтага яқинлашган Осиё Кубоги тўпурари Али Ал-Мабҳут аниқ зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлим ҳам Ўзбекистон вакилларининг фаоллиги билан бошланди. 53-дақиқага келиб «Бунёдкор» футболчилари ажойиб комбинация уюштирди. Шодиев ташлаб берган тўпни Минори чиройли тарзда Рашидовга етказиб берди. Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиққан Рашидов вазиятни кўкка совурмади – 2:1.
Шундан кейин «Ал-Жазира» ҳужумга ўтиб, ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Аммо «Бунёдкор» ҳимоячилари уларнинг ҳужумларини бартараф этиб турди. Бир вазиятда Минорининг ўзи икки рақиб футболчиси ўртасидан ёриб ўтиб, дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бораётганди, аммо ҳимоячилар уни қўллари билан ушлаб қолди. Бироқ Фағоний бу вазиятда Минори симуляция ишлатган деб топиб, унга сариқ карточка кўрсатди. Камига ҳакамга эътироз билдиргани учун Шодиев ва Иброҳимовга сариқ карточка кўрсатди.
Ўйин охирига қадар «Бунёдкор» вакилларида гол киритиш учун яна бир қатор қулай вазиятлар юзага келганди. Аммо улар бу вазиятдан унумли фойдалана олмади. Шу тариқа «қалдирғочлар» номдор рақиб устидан ғалаба қозониб, Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига йўлланма олди.
«Бунёдкор» – «Ал Жазира»: 2:1
Голлар: Воҳид Шодиев 22, – 1:0. Али Мабҳут 45+1 пенальти, – 1:1. Сардор Рашидов 52, – 2:1.
«Бунёдкор»: Акбар Тўраев, Акмал Шораҳмедов, Шакер Зуаги, Жавлон Иброҳимов, Сато Минори, Мирзоҳид Ғофуров (Достон Ҳамдамов, 55), Иван Милошевич, Воҳид Шодиев (Элдор Шомуродов, 65), Артём Филипосян, Сардор Рашидов, Акрам Комилов.
«Ал Жазира»: Ал Сенани, Мусаллим Фаёз, Али Мабҳут, Жусилей, Мануэль Ланзини, Питройпа, Ҳамис Исмоил (Ёсир Матар, 84), Абдулла Муса, Холид Себил, Саиф Халфан (Ҳасан Амир, 63), Башир Саид.
Изоҳ (0)